ADOLAT 24

Келажакка дахлдор дастур

Шу кунларда мамлакатимизда Президентлик сайлови муносабати билан тарғибот-ташвиқот ишлари авж палласига кирди. Ҳар бир фуқаро шу азиз юртимизнинг келажагига бефарқ бўлмаган фарзанд сифатида сайлов жараёнига алоҳида эътибор билан қарамоқда. Негаки, Президентлик сайлови бу шунчаки тадбир эмас, у халқимизнинг кейинги беш йиллик бахтли ҳаётини белгилаб бериш учун, ёшларимизнинг, фарзандларимизнинг ёрқин келажаги учун хизмат қиладиган, республикамизнинг барча жабҳаларда тараққиёт йўлларини ярата оладиган етук шахсни, йўлбошчини, давлат раҳбарини танлаш билан боғлиқ муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. 

Маълумки, бу галги Президентлик сайловида бешта сиёсий партиядан бешта номзод кўрсатилди. Улар халқимиз учун ўз Сайловолди дастурларини эълон қилдилар. Бу ҳам мамлакатимизда демократик тамойилларнинг, сайловда шаффофликнинг, адолат устуворлигининг ўзига хос бир намойиши бўлди. Эндиги гап халқимизнинг Президентликка муносиб номзодни танлаб олишида қолди.

Мен шу ўринда “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод, партия Сиёсий Кенгашининг раиси дастурида олға сурилган ғояларни маъқул кўрдим. Хўш, бу номзод ҳаётдаги, фаолиятидаги қандай хислатлари билан юртдошларимизга ўрнак бўла олади? Авваламбор, шу хусусда тўхталиб ўтсак.

Мен “Адолат” СДП аъзоси бўлганим учун ҳам номзодни яхши танийман. Аввало, Баҳром Абдуҳалимов самимий, ҳурмат-эҳтиромга сазовор инсон. Ҳар бир ишга ниҳоятда масъ­улият билан ёндашади. Бирор ишни бошласа, охирига қадар пухта бажаришга ҳаракат қилади. Ҳаётдаги шиори ҳам адолатпарварлик, ҳақиқатни рўёбга чиқаришдан иборат. Унинг илм йўли ҳам осон кечмаган. Б.Абдуҳалимов 1981 йилдан бошлаб Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетида араб тили филологияси бўйича таълим олган.

Одатда шарқшунослик факультетини битирганлар ўзларини сиёсат оламига урадилар, хорижий элларда фаолият юритишни хуш кўрадилар. Улар орасида илм-фан билан, хусусан, халқимизнинг олис ўтмиш тарихи билан шуғулланишни истайдиганлар камдан-кам топилади. Баҳром Абдуҳалимов эса шарқшунос сифатида ҳар икки соҳани — сиёсатшуносликни ҳам, илм-фан соҳасида тадқиқотчиликни ҳам биргаликда олиб борди.

У 1981-1983 йилларда Ливия Араб Республикасида таржимон, 1983-1985 йилларда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида “Хорижий мамлакатлар билан илмий-техник ҳамкорлик”лар бошқармасида етакчи ходим, 1987-1990 йилларда Яман Араб Республикасида ҳарбий таржимон сифатида фаолият юритди. Бу ишлар уни сиёсат олами билан, ташқи дунё ҳаёти билан яқиндан таништиришга хизмат қилди. Айни пайтда бу сафарлар унинг араб, инглиз ва бошқа тилларни мукаммал эгаллаши учун замин яратди.

Илм-фан соҳаси мураккаб, игна билан қудуқ қазишдек қийин жараён. Баҳром Абдуҳалимов илмий-ижодий соҳада ҳам самарали меҳнат қилди. 1985 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академия­­си Шарқшунослик институтида кичик илмий ходимликдан бош­лаб, 2003 йилда илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. Тарих фанлари номзоди, тарих фанлари доктори илмий унвонларига муносиб илмий тадқиқотларни амалга оширди.

У 2003-2005 йилларда Тошкент халқаро Вестминистр университетининг проректори, кейинчалик Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори, 2006-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида диний масалалар ва миллатлараро муносабатлар бўйича Президент маслаҳатчиси лавозимларида ишлаб, раҳбарлик борасида ҳам ҳаётий, ҳам сиёсий тажриба орттирди. Айни пайтда Баҳром Абдуҳалимов Фанлар академияси Шарқшунослик инсититути директори ва Фанлар академиясининг вице-президенти, шунингдек, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Баҳром Абдуҳалимов бугунги кунда мамлакатимизда Марказий Осиё тарихи, ислом, Шарқ қўлёзмалари, араб давлатлари ва араб тили бўйича етук мутахассис, нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий мамлакатларда ҳам таниқли олим ҳисобланади. Унинг асосий илмий-тадқиқот мавзуси IX асрда Бағдодда фаолият юритган “Байт ул-ҳикма” тақдири билан боғлиқ. Тарихда Бағдод Маъмун академияси деб ном олган бу илм-маърифат масканида математика, астрономия, табобат, кимё, география ва бошқа фанлардан жуда кўп кашфиётлар қилинган ҳамда бу кашфиётларни амалга оширишда Марказий осиё­лик алломалар — Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Аҳмад Марвазий, Яҳё ибн Абу Мансур, Аҳмад ас-Сарахсий, Аббос ал-Жавҳарий, Аҳмад ас-Сағоний, Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий каби алломаларнинг хизматлари катта бўлган. Баҳром Абдуҳалимов ана шу академиянинг дунё тарихида тутган ўрни ва бу борада Марказий осиёлик алломаларнинг ҳиссаси хусусида “Байт ул-ҳикма” ва Марказий Осиё олимларининг Бағдоддаги илмий фаолияти (IX-XI асрларда аниқ ва табиий фанлар)” фундаментал монографиясини яратди. Бу монография бир қатор хорижий тилларга таржима қилинди ва қилинмоқда.

Олимнинг 100 га яқин мақолалари, рисола ва монографиялари Англия, Франция, АҚШ, Италия, Миср, Ҳиндистон, Саудия Арабистони подшоҳлиги, Эрон Ислом Республикаси ва бошқа мамлакатларда инглиз ва араб тилларида чоп этилган. Англиядаги Бодлеян кутубхонасида сақланиб қолган Аҳмад Фарғонийнинг “Астрономия асослари” номли қадимий қўлёзмаси ҳам Баҳром Абдуҳалимов томонидан тадқиқ этилиб, Оксфорд нашриётларида чоп этилиши ёки асарларидан бири Қувайтнинг “Имом Бухорий авлодларига” номли мукофоти билан тақдирланиши ҳам унинг илмий ишлари халқаро миқёсда эътироф этилганидан далолат беради.

Баҳром Абдуҳалимов турли йилларда “Тошкент ислом маданияти пойтахти”, “Хоразм Маъмун академияси”, “Марказий Осиё алломалари ва мутафаккирларининг жаҳон цивилизациясидаги ўрни”, “Марказий Осиё ренессанси” ва шу каби кўплаб халқаро анжуманларнинг ташкил этилишида фаол қатнашди ва илмий маърузалар қилди.

Шунингдек, жонкуяр олим сифатида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодларини тайёрлаб, ўзига хос илмий мактаб яратган.

Баҳром Абдуҳалимов Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар академиясининг вице-президенти сифатида кўплаб илмий тадқиқот натижаларини ҳаётга жорий этиш, фан ва таълим тизимлари интеграциясини кучайтириш ишларига бош бўлиб келмоқда. Юқори малакали илмий мутахассисларни тайёрлаш ва ушбу жараёнда халқаро илмий ҳамкорликларни жадаллаштириш, олимларнинг обрў-эътибори ва ижтимоий мақомини оширишга йўналтирилган илмий-ташкилий ишларни мувофиқлаштириб келмоқда. Айниқса, унинг фаол ва самарали иштироки натижасида Уммон Султонлиги билан ҳамкорликда қурилган Шарқшунослик институтининг янги биносини нафақат республика Фанлар академияси учун, балки халқаро аҳамиятга молик муҳим илмий ва ташкилий марказга айлантирди, десак, айни ҳақиқатни эъти­роф этган бўламиз.

Унинг таржимон, илмий ходим, проректор, институт директори, академия вице-президенти, Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаб, турли соҳалар бўйича тўплаган бой тажрибаси Ватанимизни янада обод қилишда, халқимиз ҳаётини яна яхшилашда қўл келиши аниқ.

Шунингдек, Баҳром Абдуҳалимов партиянинг нуфузини янада ошириш, сон ва сифат жиҳатидан янгилаш, давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда ҳам жонбозлик кўрсатиб келмоқда. 

“Адолат” СДП ўз олдига яқин ва ўрта муддатли стратегик вазифаларни белгилаш ва уларни амалга ошириш вазифасини қўйди.Мамлакатимиз қудратини янада мустаҳкамлаш; эркин бозор иқтисодига асосланган адолатли демократик давлат қуришни давом эттириш; фуқаролик жамиятини шакллантиришни жадаллаштириш ва фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш; халқимиз турмуш даражасини янада ошириш; халқаро муносабатларда Ўзбекистон нуфузини кўтариш ҳамда иштирокини кенгайтириш каби масалалар Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастурида 10 та устувор йўналиш сифатида ўз аксини топган.

Мен номзоднинг Сайлов­олди дастуридан ўрин олган айрим устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Бизнинг мақсадимиз адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш; ижтимоий адолатни қарор топтириш; таълим соҳасида адолат устуворлигини таъминлаш; илм-фан – адолат ва тараққиёт омили ва юқори маънавият билан адолат сари йўналишларини алоҳида эътибор ва қизиқиш билан танишиб чиқдим.

Айниқса, илм-фан – адолат ва тараққиёт омили йўналиши барча илм аҳли учун муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда бутун дунёда, таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, ҳар бир соҳада ривожланиш учун шиддатли рақобат муҳити юзага келган. Ана шундай муҳитда фақат замонавий илм-фан, юқори технологиялар ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш орқали тараққиёт сари илдамлаш мумкин. 

“Адолат” СДП адолатпарвар жамият ва давлат барпо этишда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Кейинги беш йилда фан ва таълим соҳасига эътибор туфайли олий таълим муассасалари икки бароварга ошди. Қабул квоталари 25 фоизга етказилди. Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтларининг фаолияти қайта тикланди. Таълим ва илм-фан соҳаси вакилларининг ойлик маошлари 3 маротаба оширилди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Чунки таълим ва фан жамиятни тараққиётга элтувчи асосий мезон, драйвер ҳисобланади.

Шунингдек, Баҳром Абдуҳалимов Ўзбекистон Олий таълим муассасаларини жаҳон университетлари World University Rankings (QS Rankings) рўйхатига киритиш, ушбу рўйхатга киритишда мавжуд талабларни бажариш асосида дунё тан оладиган университетлар ва марказлар қаторига киритишни таклиф қилмоқда

“Адолат” СДП етакчиси Сайловолди дастурида таълим ва илм-фан билан шуғулланувчи тадқиқотчи-олимларни бепул уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратган. У илм-фанни молиялаштиришга сарфланадиган маблағ миқдорини 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига қадар ошириш, уни давлат бюджетидан молиялаштиришни босқичма-босқич таъминлаш ғоясини илгари сурмоқда.

Баҳром Абдуҳалимов Сайловолди дастурида нафақат олимларни, балки ҳар қандай ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва уларга зарур шароитларни яратишни асосий масалалардан бири сифатида белгилаб олган. Шунингдек, иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган, лекин бугунги кунда эътибордан четда қолаётган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш чораларини кўришга эътибор қаратмоқда. Ушбу чоралар кадрлар сони эмас, сифатини оширишга ва мақсадли мутахассис тайёрлашга, ҳар бир мутахассиснинг юртимиз меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига хизмат қилади. Меҳнат бозорида зарур ва эҳтиёж мавжуд мутахассисликларни аниқлаб, олий таълимга кадр тайёрлашга буюртма бериш ишлари йўлга қўйилса, албатта, бу чоралар юртнинг келажакда фаровонлигини таъминлаш учун хизмат қилади.

Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дас­турида мамлакатимизда фундаментал фанлардан олинган ижобий натижаларни тиббиёт ва соғлиқни сақлаш; қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар; гидрология ва сув муаммолари; энергетика, муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор технологиялар; экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларга жорий қилиш ишларини изчиллик билан олиб бориш орқали мамлакатнинг иқтисодий қуд­ратини мус¬таҳкамлаш вазифаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Илм-фан тараққиётини жаҳоннинг илғор мамлакатлари илм-фани қаторига кўтаришдаги фаолият тинимсиз давом эттирилади. Бунда ўзбек фани ютуқларини дунёга танитган ҳолда илм-фанни жаҳон стандартларига кўтариш, олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот муассасалари моддий-техник базасини янада яхшилаш мақсадида олимларимиз учун қулай ва стандартларга мос лабораториялар барпо этилади. Хусусан, Ўзбекистонда жаҳоннинг Гавай, Канар ороллари ҳамда Чилида жойлашган энг нуфузли обсерваториялари билан рақобатлаша оладиган Майданак обсерваториясидан унумли фойдаланган ҳолда астрономия соҳасида аждодларимиз илмий меросидаги илғор анъаналарни ўрганиш давом эттирилади. Бу, ўз навбатида, ёшларимизда илм-фанга ҳамда юқори технологияларга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилади. 

Ўзбекистонда гидрометеорология хизматини янада яхшилаш учун Ўзбекистоннинг табиий шароити, хусусан, об-ҳаво, табиий ва антропоген ландшафтлар ўзгариши, биохилма-хиллик ривожланишини кузатувчи ҳамда мониторинг қилувчи миллий сунъий йўлдошларга эга бўлиш даври келди. Бу йўналишда жаҳоннинг аэрокосмик соҳадаги етакчи мамлакатлари билан алоқани кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди номзод. 

Ўзбекистон дунёда математика соҳасида етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Шу боис мазкур соҳадаги илғор олий ўқув юртлари, хусусан, АҚШ, ЕИ, МДҲ, Ҳиндистон мамлакатларининг ахборот технологиялар соҳасидаги етакчи университет, марказлари билан ҳамкорликда миллий мутахассислар тайёрлашни кучайтириш, Миллий Силикон водийсини яратиш бугун ҳаёт олдимизга қўяётган муҳим вазифа эканлиги ҳам номзоднинг назаридан четда қолмаган. 

Миллий электрон ҳисоблаш машиналари ва компьютерлари яратиш ҳамда улар асосида бошқариладиган миллий саноат дастгоҳсозлигини яратиш, давлатимизда миллий саноатни маҳаллий техника ва технологиялар билан қуроллантиришда тамал тоши бўлади. Муҳандислик технологиялари институтлари ва тегишли олий ўқув юртларида ушбу соҳадаги тадқиқотларни кучайтириш масаласи ҳам Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайлов­олди дастурида устувор йўналишлардан бири қаторида илгари сурилган. Бунда илмий- тадқиқот институтлари ва ишлаб чиқариш корхоналари базасида кластерларни барпо этиш ушбу вазифаларни ҳал этишдаги асосий механизм сифатида қаралади.

Номзод илгари сураётган Сайловолди дас­турининг илм-фанни ривожлантиришдаги устувор йўналишларидан яна бири, мамлакатимизда яшил иқтисодиётни шакллантириш, углерод двуокисини ҳавога чиқаришни камайтириш, сувни тежовчи ва сифатини яхшиловчи, минтақамиз шароити ва аҳоли учун мос миллий тадқиқотларни ва технологияларни яратишни янада рағбатлантиришдир. Чунки келажак авлодларимизнинг соғлиғи ва ижтимоий тараққиёти атроф-муҳит барқарорлигини сақлаш билан чамбарчас боғлиқдир.

Ўзбек халқи болажон халқ ва шу боис аҳолининг уй-жойга бўлган талабларини ҳисобга олган ҳолда архитектура ва бинокорлик соҳасидаги тадқиқотларни кучайтириш мақсадида қурилиш майдонлари, хом ашё тежовчи технологияларни яратиш ва жорий этиш номзоднинг асосий мақсадларидан бири саналади. 

Хулоса ўрнида айтганда, “Адолат” социал-демократик партияси етакчиси Баҳром Абдуҳалимов ҳам шахс, ҳам сиёсатчи, ҳам ташкилотчи, ҳам таниқли олим сифатида бўлажак сайловда Президентликка муносиб номзод ҳисобланади. Мен унга овоз бераман ва сиз, азиз сайловчиларни ҳам уни қўллаб-қувватлашга чақираман. 

Tohir Polvonov (chapda) va OMQPD Maqsud Qurbonboev

Тоҳир Полвонов,

“Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Адолат – хароб бўлмас бино

admin

Алпинизм бўйича спортчиларимиз Янги Ўзбекистон тоғларини миллий руҳда забт эмоқда

admin

Қилмиши қора кимсалар

admin