ADOLAT 24

ФИЛЬМ “ҚИЛ УСТИДА”ми Ёки РЕКЛАМА?

Бу савол сарлавҳага бежиз қўйилмади. Жаноблар, унутманг, “Кўрсанг ҳам шуни кўрасан, кўрмасанг ҳам шуни кўрасан” қабилида телетомошабинни мажбур қиладиган, унга ўзга йўл қолдирмайдиган даврлар аллақачон ўтиб кетди. Телевизорни ёқсак, телеканаллар “илтимос, мени томоша қила қол”, дегандек қаторлашиб турибди. Ҳозирги телетомошабин ҳам анойи эмас. Намойиш этилаётган кўрсатувни ҳам, кино-фильмни ҳам, концерт дастурини ҳам чертиб-чертиб (худди тарвуз харид қилаётгандаги каби) томоша қилади.

Юқоридаги иддаонинг боиси бор, албатта. Акс ҳолда “Yoshlar» телеканалининг номини алоҳида тилга олиб ўтирмаган бўлардик. Яқинда, аниқроғи, 11 сентябрь куни соат 22 лар атрофида телевизор пультини босгандим, “Yoshlar”да жаҳон кино санъатининг дурдона асарларидан бири — “Қил устида” фильми қўйилаётган экан. Олдиндан айта қолай: ярим кечагача кино томоша қиладиган одатим йўқ. Қолаверса, америкалик машҳур актёр Энтони Хопкинс бош қаҳрамон (кекса миллиардер Чарльз Морс) ролини ўйнаган “Қил устида” фильмини кўп бора кўрганман. Яхши кинокартинанинг ютуғи ҳам шунда: қайта-қайта кўрган бўлсанг ҳам уни яна томоша қилгинг келаверади.

Хуллас, “Қил устида” фильмини кўра бошладим. Таниқли сўз устаси, қизиқчи Ҳожибой Тожибоев айтганидек, телевизорда маза қилиб реклама томоша қилаётганда орасига кино қўйворадиган даражага бориб етмаса-да, ҳар ҳолда маълум вақт оралиғида турли маҳсулотларнинг реклама роликлари бериб турилди. Бунга тишни-тишга қўйиб чидашдан ўзга чорамиз йўқ.

Дарҳақиқат, реклама дегани бугун кундалик ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурди. Кўча-кўйда, жамоат транспортида, оила даврасида телевизор кўриб ўтирганда ҳам, албатта, қандайдир рекламаларга кўзимиз тушади. Телевидение­нинг бошқа оммавий ахборот воситаларидан афзаллик жиҳати, унда истеъмолчи (томошабин)га маълумотлар тасвир ҳамда овоз ёрдамида етказиб берилади. Бу эса реклама учун муҳим аҳамият касб этади.

Телевидениенинг асосий даромад манбаи реклама эканини ҳам тушуниш мумкин. Лекин одамнинг ҳафсаласини пир қиладиган ҳолатлар кўп учраб туради. Масалан, кечки дам олиш вақтларида ҳаддан кўп реклама берилиши, роликларнинг қайта-қайта такрорланиши, телесериаллар узилиб, реклама узоқ туриб қолиши инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. 

Шу ўринда яна бир мисол. “Zo`r ТВ” каналида неча ойлар мобайнида намойиш этиб келинган, кейин тўхтатиб қўйилган, ҳозир яна давом эттирилаётган “Ҳовли” сериалига рекламалар кетма-кет тиқиштириб ташлангани жуда ачинарли. Турк кино ижодкорларининг қамоқхонадаги аёллар ҳаёти тасвирланган бу сериали бизнинг телеэкранда бир кунда нари борса, 40-50 дақиқа эфирга узатилади, шундан 10-15 дақиқаси реклама беришга кетади десак, лоф бўлмайди.

“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасида 45 минутдан ортиқ давом этадиган концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино ва телефильмлар реклама учун тўлиқ 45 минутлик вақт оралиғида кўпи билан бир марта узиб қўйилиши мумкин, деб меъёр белгиланганини телеканал мутасаддилари билмайдими, албатта, билади. Гап даромадга бориб тақалганда, қонунни четлаб, томошабин манфаатини назар-писанд қилмасдан ўтиб кетишади.

Энди яна «Yoshlar» телеканалига қайтсак. “Қил устида” фильмини диққат билан томоша қилиб ўтирганимда, яна реклама берилди. Кино энг қизиқ жойига келганди: Чарльз Морс ва Боб Грин кимсасиз ўрмонда одамхўр қўнғир айиқ чангалидан зўрға омон қолиб (уни ўлдириб), овчилар кулбасига етиб келган, шунда Боб Чарльзни отиб ташлашга қарор қилиб, уни ташқарига чиқишга ундаганди.

Реклама тугаганидан кейин нима бўлиши менга маълум: Боб йиртқич ҳайвонларни овлаш учун атайлаб қазилган чуқурга тушиб кетади. Чарльз жароҳатланган Бобни олиб чиқиб, унга тиббий ёрдам кўрсатади.

Йўқ, рекламадан кейин қарасам, улар дарё бўйида қайиқ­­да сузиб кетаяпти. Мен юқорида айтган лавҳа рекламанинг ичида қолганми, қирқиб ташланганми, бу ёғи томошабинга қоронғи.

Мана, сизга телеканалда рекламани кўпроқ бериш илинжида кино санъатига бўлган муносабатнинг яққол бир кўриниши. Шундай вазиятда томошабин қанчалар асабийлашиши мутасаддиларни умуман хавотирга солмайди. Негаки, уларга томошабин эмас, реклама керакка ўхшайди.

Сиз бунга нима дейсиз, азиз муштарий?!

  Суюндик МАМИРОВ,

“Адолат” мухбири

Tegishli xabarlar

Туркий дунё цивилизацияси: ҳамкорлик йўли

admin

СОХТА ХАШАМАТГА КАНЧАЛАР ЎЧМИЗ ёхуд 777 х 0 =?

admin

ИБРОҲИМБЕК ҚЎРБОШИ ВА САФДОШЛАРИ ТАҚДИРИ (Иккинчи мақола)

admin