ADOLAT 24

Буюк келажак Адолат, фаоллик, фидойилик туфайли яратилади

Шу йилнинг 8 сентябрь куни “Адолат” социал-демократик партиясининг навбатдаги Х Қурултойи ўтказилди. Унда партиянинг VII Пленуми қарорига асосан делегат сифатида белгиланган партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзо­лари, Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларида сайланган делегатлар, шунингдек, таклиф этилган халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қурултойда “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда партия­дан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастури лойиҳаси тўғрисидаги масалалар хусусида сўз юритилди.

“Адолат” социал-демократик партияси ҳам рес­публикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизга янада тўкис, фаровон турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни мақсад қилган сиёсий куч сифатида ушбу сайловда муносиб иштирок этишга бел боғлаган.

Partiya Siyosiy Kengashi raisi O`rinbosari U.Sulaymonov

Маълумки, “Адолат” социал-демократик пар­тияси Сиёсий Кенгашининг жорий йил 5 август куни бўлиб ўтган VII Пленумида партия­нинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки ҳақида қарор қилинган. Мазкур Пленумда “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Рес­публикаси Президентлигига кўрсатиладиган номзод масаласини партиянинг навбатдаги Х Қурултойи муҳокамасига киритиш бўйича келишиб олинган эди. Шундан кейин партия томонидан тақдим этилган тегишли ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясида кўриб чиқилиб, сайловда иштирок этиш ҳуқуқи берилганди.

Oliy Majlis deputatlari Sh Polvonov. D Ismoilov

Шу нуқтаи назардан, Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37- ва 62-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партия­сидан номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала қизғин муҳокама қилинди.

Siyosiy Kengash a’zosi Ismoil Saifnazarov

Қурултойда делегатлар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг номзоди ҳавола этилди. Мазкур масала юзасидан сўзга чиққанлар номзодни қўллаб-қувватлаб, барча делегатларни номзодга овоз беришга чақирдилар. Делегатларнинг барчаси овоз беришда иштирок этди ва номзод қўллаб-қувватланди.

Bahrom Abduhalimov

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партия­сининг номзоди Баҳром Абдуҳалимов ўз Сайловолди дастури лойиҳасининг бир неча устувор йўналишларини Қурултой қатнашчиларига маълум қилди.

Siyosiy Kengash raisi o`rinbosari Abdukamol Raxmonov

Номзоднинг Сайловолди дастури лойи­ҳасининг давлат ҳокимияти бошқаруви йўналишида фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини, эркин сўзлаш ва фикр билдириш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; бошқарувда шаффофлик ва ошкоралик тамойилига қатъий риоя этилишини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шу жумладан, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий мақомини халқаро андозалар даражасига кўтариш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш; 2019 йилдан буён таъкидлаб келинаётган маҳаллий ҳокимларни сайлаш тизимини жорий этиш ва ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раислари лавозимида ўтиришига чек қўйиш; коррупционерларга Ватан тараққиётига тўғаноқ бўлувчи хоинлар деб қараш, коррупциянинг барча кўриниш­лари учун қаттиқ жазо чораларини қўллаш масалаларига алоҳида ўрин ажратилган.

Дастур лойиҳасининг адолатлилик ва суд-ҳуқуқ йўналишида шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, жумладан, шахс дахлсизлиги, мулк дахлсизлиги, турар жой дахлсизлиги, наботот ва ҳайвонот олами дахслизлиги тамойилларига қатъий риоя этилишини таъминлаш; жиноятчиликка, шу жумладан, давлат мулкини ўзлаштиришга, порахўрликка, тамагирликка, зўравонликка, экстремизм ва терроризмга қарши муросасиз курашиш; ҳар қандай кўринишдаги “самосуд” учун қатъий жазо белгилаш; адолатсиз жарималарни қайта кўриб чиқиш, жарималар, биринчи навбатда, халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлишини, шунингдек, жарималар уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланишини таъминлаш, айрим жиноят турларига маънавий жазо қўллаш; ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро талаблар доирасида таъминлаш каби масалалар кўзда тутилган.

Ижтимоий йўналишда ходимни эксплуатация қилишга қарши кескин курашиш; ҳар бир инсонни ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар билан таъминлаш; уй-жойларнинг нархини кескин камайтириш; аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаш; пенсиядаги юқори чекловларни бекор қилиш ва ҳар кимнинг меҳнатига, олган маошига ва ижтимоий тўловларига яраша пенсия таъминотини йўлга қўйиш; мактабгача таълимнинг сифат ва самарадорлигини юқори даражага кўтариш; боғчаларга ҳозиргидек уч ёшидан эмас, икки ёшидан бошлаб, ҳеч қандай нав­батларсиз юз фоиз қамраб олиш; умумий ўрта таълимнинг янги стандартларини яратиш; аъло баҳолар билан ўқиган иқтидорли, кам таъминланган ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш; олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш ва рейтинги юқори бўлган талабаларни бепул олий таълим олишини кафолатлаш; таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш ва узвийликни таъминлаш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлик­ларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш масалаларига эътибор қаратилган.

Шунингдек, дастур лойиҳасидан олимларни, ҳар қандай ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаш; аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича “Миллий дастур” яратиш; дори-дармон спекуляциясига чек қўйиш; тарихий қадриятларимизга асосланган “Жамиятда юриш-туриш, одоб-ахлоқ қои­далари” кодексини яратиш; буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида тузиладиган шартномани қудратли ҳуқуқий воситага айлантириш ва бу жараёнга ҳокимият аралашувига чек қўйиш; ундириладиган барча тўловларни (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига йўналтириш; сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дас­­­тури лойиҳасидан ўрин олган барча масалалар Х Қурултой қатнашчилари томонидан атрофлича муҳокама қилинди ва делегатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Муҳокамалар жараёнида Президентликка номзоднинг Сайловолди дастури лойиҳасини халқимиз онгу шуурига етказиш партия фаоллари олдида турган муҳим масала эканлиги қайд этилди.

Қурултой кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Tegishli xabarlar

ТОВЛАМАЧИ ҲАМКИШЛОҚ

admin

Тарих илмининг фидойиси

admin

Депутат сўрови: Нарх назорат қилинмайдими?! 

admin